Таиланд жанубида диний айирмачиларнинг бир қатор ҳужуми оқибатида бир киши ҳалок бўлди, яна беш нафари яраланди. Бу ҳақда Bangkok Post нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Паттани провинциясининг хавфсизлик кучлари блокпостида 5 июль, сешанба куни портлаш содир этилиши оқибатида икки нафар полициячи жароҳатланди. Хабар қилинишича, полиция машинасида қўлбола портловчи қурилма яширинган эди. Машина провинциянинг маъмурий чегарасида жойлашган назорат пункти олдига жойлашганида қурилма ишга тушди.
Бундан ташқари, қўшни Яла провинциясида 4 июль, душанба куни кечқурун маҳаллий масжид ва полиция маҳкамаси яқинида портлаш содир бўлди. Маълум қилинишича, номаълум кимсалар М-79 гранатомётидан ўқ узган. Натижада бир киши ҳалок бўлди, яна уч нафари, шу жумладан, ёш бола ҳам яраланди. Яна бир граната маҳаллий уйлардан бирининг томида портлади, ундан ҳеч ким жабрланмади.
Қайд этилишича, полиция ходимлари бўлиб ўтган ҳужумлар ортида ҳудудда амал қилаётган диний айирмачилар турганини гумон қилмоқда.
Изоҳ (0)