«Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти таркибидаги пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида фермер хўжаликларидан келтирилаётган пахта хом ашёсини тўғри ва тезкор ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда «Ўзпахтасаноатэкспорт» холдинг компанияси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Мутахассисларининг таъкидлашича, пахта электрон тарозиларда тортилганда «инсон омили»нинг таъсири туфайли объектив ва субъектив сабабларга кўра, хатолар эҳтимоли бартараф этилади, ноқонуний хатти-ҳаракатларга барҳам берилади, фермер хўжаликлари томонидан келтирилган пахтани ўлчаш вақти камаяди, аниқлиги ошади, шаффофлик таъминланади, хом ашёнинг сифат кўрсаткичлари борасидаги тезкор маълумотлар олинади.
Тайёрлов пунктларида фермер хўжаликларидан транспорт воситасида олиб келинган пахта хом ашёсининг саноат нави, намлик ва ифлослик даражаси инструментал усулда аниқланади ва қабул қилиш уч зонали тизим бўйича амалга оширилади:
1-зона — Намуна олиш. Бу ерда намуна олувчи ходим Ўзбекистон «Сифат» маркази ва Фермерлар кенгаши вакили гувоҳлигида келтирилган пахтадан намуна олади. Бирлаштирилган намуналар бўйича пахтанинг стандарт талаблари ва «йўриқнома» бўйича пахтани қабул қилиш мумкинлиги, ташқи кўриниши бўйича саноат нави эталонга таққосланиб, органолептик усулда аниқланади.
2-зона — Оператор. Бу ердаги электрон тарозида пахтанинг брутто оғирлиги аниқланади ва фермернинг пластик картасига туширилади, юк хати расмийлаштирилади. Бўшатилган транспорт воситасининг тараси чиқарилиб, натижаси аниқланади. Маълумот тўғридан-тўғри компьютер орқали таблога ва Марказий тармоққа узатилади.
3-зона — Диспетчер. Ғарам майдонларига ҳамда омборхоналарга пахта туширилади ва партияларга жойлаштирилади.
2016 йилда етиштирилган пахта ҳосилини тўғри ва тезкор ўлчаш, сифатли текшириш ҳамда қабул қилиш мақсадида замонавий электрон тарозиларни ўрнатиш ишлари жорий йилнинг 1 августигача, яъни янги йиғим-терим мавсуми бошлангунига қадар республикадаги барча пахта тозалаш корхоналари ва тайёрлов масканларида ўрнатилади.
Изоҳ (0)