Саудия Арабистони Осиё бозорларида нефть реализациясини кенгайтириш стратегиясидан чекиниб, нарх ошиши илинжида у ердаги бозорларни рақибларига бўлиб бермоқда. Reuters таҳлилчилари Жанубий ва Шарқий Осиё мамлакатларига энергетика ресурслари импорти маълумотларини ўрганиш асосида шундай хулосага келди, деб хабар бермоқда «РБК».
Маълум бўлишича, 2016 йилнинг дастлабки беш ойида Саудия нефтининг ХХРга экспорти суткасига ўртача 1,05 миллион баррелни ташкил этди. Хитойнинг умумий нефть импорти эса 16,5 фоизга ўсди. Январь–май ойлари оралиғида Россия Саудиядан ўзиб кетиб, Хитойнинг асосий нефть етказувчисига айланди — суткасига 10,06 миллион баррель (ўтган йилга нисбатан ўсиш — 42 фоиз).
Ҳиндистонда ҳам шунга яқин манзара шаклланди, аммо бу сафар Саудиянинг рақиблари Эрон ва Ироқ бўлди. Январь–май ойларида Ҳиндистон Саудия Арабистонидан суткасига 856 минг баррель нефть импорт қилди (2015 йил шу даврига нисбатан ўсиш — 9,4 фоиз). Эроннинг кўрсаткичлари эса 64,5 фоизга кўтарилиб, суткасига 334 минг баррелни ташкил этди. Ироқда бу кўрсаткичлар, тегишли равишда, 55 фоиз ва 892 минг баррелга тенг бўлди. Шу тариқа, расмий Бағдод Ҳиндистон нефть бозорида ар-Риёддан ўзиб кетди.
Японияда эса Саудия Арабистони суткасига 1,25 миллион баррель кўрсаткичи билан ҳозирча етакчи бўлиб қолмоқда. Ҳисобот давридаги ўсиш — 12,6 фоиз. Ўз навбатида, Ироқ Японияга нефть экспортини 51 фоизга оширди, аммо реал ҳажмлар ҳозирча кичик — суткасига 72 минг баррель.
Ниҳоят, Осиё ва Тинч океани минтақасида нефть истеъмоли бўйича тўртинчи ўринда турадиган Жанубий Корея Саудиядан ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга камроқ қора олтин сотиб олди. Аксинча, Эроннинг ушбу мамлакатга экспорти икки баробар ўсди (суткасига 200 минг баррель). Аммо Саудия бу бозорда ҳам ҳозирча биринчиликни бой бергани йўқ.
«Нефть ортиқ даражада олинаётгани ва нархлар паст бўлиб қолаётганига қарамай, Саудия Арабистони сингари давлатлар диққатни ушлаб турибди: ўзларининг стратегик аҳамияти боис бозор шароитлари яхшиланиши билан улар талаб ва таклиф мувозанатини тиклаши кутилмоқда», — деди журналистлар билан мулоқот чоғида Саудия Арабистони энергетика вазири Холид ал-Фалих.
Reuters’нинг фикрича, Осиё бозоридаги кўрсаткичлар Саудия Арабистони бу ердаги мувозанатни ҳар қандай йўл билан сақлаб қолишдан иборат стратегиядан воз кечганини кўрсатмоқда. Яна бир муҳим ўзгариш Arab Light русумли нефтнинг минимал нархи оширилгани бўлди.
«Минимал нарх атрофидаги вазият ар-Риёд парадигмаси ўзгарганидан далолат бўлиши мумкин: энди улар рақибларга бозорнинг кичик бир қисмини беришга тайёр, бунинг натижаси ўлароқ эса бозор мувозанатга келишини ва нефть нархи ўсишини кутади», — хулоса қилди агентлик экспертлари.
Бошқа томондан, охирги маълумотларга қараганда, Саудия Осиёдаги икки харидор билан июль ойидан Arab Light нефтини етказиш ҳажмларини ошириш борасида келишувга эришган. Харидорлар ким эканлиги ва экспорт ҳажми қандай бўлиши маълум эмас.
Изоҳ (0)