Катта дубулға туркумига кирувчи «Уимбилдон» турнирининг 2016 йилги мавсумида иштирок этаётган ўзбекистонлик теннисчи Денис Истомин бугун — 30 июнь куни 2-босқич доирасида испаниялик Николас Альмагрога қарши кортга тушади.
Истомин мусобақанинг биринчи босқичида ЖАР вакили Кевин Андерсонни мағлуб этди. Теннисчи бу ғалабаси учун 30 минг фунт стерлинг ишлаб олди.Африкалик ракетка устасини ортда қолдириш учун Денис Истомин беш сет кураш олиб борди. У дастлабки икки сетни 4:6, 6:7 ҳисобларида бой бериб, шундан кейингина камбек амалга оширди ва қолган уч сетни 6:4, 7:6, 6:3 ҳисобларида ўз фойдасига ҳал қилди.
Ўзбекистонлик теннисчи биринчи босқичдаги ғалабаси учун 10 рейтинг очкоси ишлаганди. Бугун эса унда 45 рейтинг очкогасига эга бўлиб олиш имконияти бор.
30 июнь куни Тошкент вақти билан 16:30 да Денис Истомин 50 минг фунтини 80 мингга айлантириш ҳамда учинчи босқичга йўл олиш учун испаниялик Николас Альмагро билан беллашади.
Дунё теннис рейтингида Денис Истомин 116-ўринни эгаллаб турган бўлса, Николас Альмагро 47-поғонада бормоқда. Испаниялик теннисчи биринчи босқичда бразилиялик Дутра да Силвани 5 сет давом этган ўйинда мағлуб этганди.
Денис Истоминнинг «Уимбилдон»даги энг яхши натижаси 2012 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда теннисчи 4-босқичга қадар етиб борган. Бу унга дунё теннис рейтигида 33-ўринга қадар кўтарилиб олиш имконини берганди.
Изоҳ (0)