Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

«Fikr.uz» Рамазон қўшиқларининг келиб чиқиши, айтилиш услублари ҳақида фольклоршунос олим, профессор Маматқул Жўраевга таяниб маълумот берди.

Фото: «Dono.uz»

Фото: «Dono.uz»

«Анъанага кўра, рўза ойи Рамазоннинг учинчи кунидан эътиборан ўғил болалар ифторликдан кейин уйма-уй юриб, «Ё рамазон» қўшиқларини айтган. Ҳар бир ҳовли олдига борганда ўша уй соҳибларининг яхши сифатларини улуғловчи мисраларга бой анъанавий «Ё рамазон» куйланган», — дейилади мақолада.

Таъкидланишича, ўзбек маросим фольклорининг қадимий жанрларидан бири ҳисобланган «Ё рамазон» қўшиқлари Ўзбекистоннинг барча вилоятларида кенг тарқалган бўлиб, халқ орасида ё рамазон, рабиман, рабигон, райвон, рамазон, раван, рабибон, ўребезон каби номлар билан аталади. Рўза кунлари ана шундай қўшиқларни куйловчилар рамазончилар ёки райванчилар деб юритилган.

«Рамазон ойида ижро этиладиган халқ қўшиқлари ҳақидаги илк қайдлардан бири Н.П.Остроумов қаламига мансубдир. У ўзининг 1898 йилда чоп этилган бир кичик рисоласида Тошкент ва Туркистоннинг бошқа шаҳарларида рўза бошланиши биланоқ болалар қўшнилари, таниш-билишлар ҳамда қариндош-уруғларининг ҳовлисига кириб, Рамазон ойи шарафига қўшиқлар айтишини, бу одат ўша даврда дарвешлар орасида ҳам машҳур бўлганлигини қайд қилган. Бу рисолада рўза ойида болалар томонидан ўқилган мухаммас ҳамда рамазони шариф хусусидаги қўшиқ матни мавжуд», — дейилади мақолада.

Маълум бўлишича, 1910 йилда «Туркистон вилоятининг газети»да жиззахлик Мирзо Ражаб Абдулжаббор ўғли томонидан ёзиб олинган «Ё рамазон» қўшиғи эълон қилинган. Худди шу йили «Средняя Азия» журналида ўзбек фольклори намуналарини чоп эттирган Н. Будзинский ҳам тошкентлик болалардан ёзиб олинган «Ё рамазон» қўшиғини оммалаштирган.

«Ўзбек халқининг удумига кўра, ‘Ё рамазон’ айтувчиларга қанд-қурс, пул, белбоғ, қўй-қўзи, турли пишириқлар, хуллас, кўнгилдан чиқариб бирор нарса ҳадя этилган. Ана шу совға-саломларга қараб хонадон соҳибларининг ҳиммати, олийжаноблиги. сахийлиги ёки бахиллиги маълум бўлган. Аслида уй эгаларидан ҳадя олиш райванчиларнинг асосий мақсади эмас, улар ота-боболарнинг удумига риоя қилиб савоб олиш, асрий анъаналарга умрбоқийлик бахш этиш ниятида ‘Ё рамазон’ айтади», — дея таъкидланади мақолада.

Рўзани уч кун тутиб келдик сизга,Рўзанинг закотини беринг бизга.Рамазон айтган билан тўямизми,Бурунгининг қаъдасини қўямизми?

Мақолада айтилишича, «Ё рамазон» қўшиқларини айтувчилар уй эгаларининг олийжаноблиги, меҳмондўстлиги ва серҳимматлилигини таъриф-тавсиф қилиб, уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, битмас-туганмас бойлик тилайди. Бу қўшиқларнинг ҳаётбахшлигини кўрсатувчи энг муҳим белгиларидан бири шундаки, улар оилага фарзанд тилаш, яъни «қўш кокилли ўғил» ёки «кўнгил гули — қиз» фарзанд ато этилишига, ҳар бир хонадондан алла садолари янграб туришига бўлган эзгу умид мужассамлашган:

Ё рамазон айтиб келдик эшигингизга,Қўчқордай ўғил берсин бешигингизга,Қўчқордай ўғил берса бешигингизга,Ким келиб, ким кетмайди эшигингизга.

Таъкидланганидек, «Ё рамазон» қўшиқларида аждодлар анъаналарига содиқ бўлиш, яъни «бурунгиларнинг қаъдасини қўймаслик», юксак одамийлик, ота-онани қадрлаш, уларнинг муборак хоки-пойини кўзга тўтиё қилиш ҳар бир комил фарзанднинг бурчи эканлиги куйланади:

Дунёга келиб кетган пайғамбарми,Отаси, онаси тўйган борми?Отангиз, онангиз азиз тутинг,Ҳар босган изларини кўзга суртинг.

Хонадон эгаси кўнглидан чиқарган нарсасини ҳадя этгач, болалар уй соҳибларини алқаб, анъанавий Рамазон олқишини ижро этган:

Сўм-сўм тилло, сўм тилло,Сувга солса ботмасин.Худо берган кенг давлат,Тепкиласа кетмасин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Islom.uz» сайти маъмурияти муштарийлардан бирининг саволига жавоб сифатида болаларни Рамазон қўшиқларини айтишдан қайтаришни тавсия этган эди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар