Ҳиндистон полицияси мамлакатдаги энг катта имтиҳон балларини алдов йўли билан тўплагани тахмин қилинаётган 17 ёшли ўқувчи қизни ҳибсга олди. Бу ҳақда, The Guardian нашрига асосланиб, TJournal хабар бермоқда.
Қиз 26 июнь куни имтиҳон натижаларини сохталаштиришда гумонланиб қўлга олинди.
Мамлакат бўйича энг юқори балл билан имтиҳон топширган мактаб ўқувчиси телевидениедаги интервью чоғида «политология» (сиёсатшунослик) фанининг номини тўғри айта олмади ҳамда бу фан пазандаликка дахлдор деб тахмин қилди.
Бу билан расмийлар диққатини тортган қиз қайтадан синовдан ўтказилди ва йиқилди. Қиздан XVI–ХVII асрларда яшаган ҳинд шоири ва файласуфи Тулсидас ижоди ҳақида эссе ёзиш сўралди, аммо унинг «баён»и иккита сўздан иборат бўлди — «Тулсидас, салом».
17 ёшли қиз нафақат сиёсатшунослик, балки яна 11 та фандан энг юқори баллар олган. Ундан ташқари яна 17 киши имтиҳон натижаларини сохталаштиришда гумон қилиниб ҳибсга олинди.
Полиция яна бир қанча кишини ҳибсга олишни режалаштирмоқда. Улардан бири — кимёдан энг юқори балл олган ўсмир H2O сувнинг формуласи эканлигини билмагани туфайли шубҳа-гумон уйғотди.
17 ёшли қиз камида 8 июлга қадар ҳибсда бўлади. Унинг тақдири қандай кечиши кейинроқ аниқланади.
2015 йилда ота-оналар биноларга тирмашиб чиқиб, болаларига имтиҳон жавобларини етказаётгани акс этган фото ва видеолар ижтимоий тармоқларда кенг тарқалганидан сўнг Ҳиндистонда имтиҳон натижаларини сохталаштириш учун жавобгарлик оғирлаштирилди. Кўпгина камбағал оилалар учун имтиҳондаги юқори натижалар яхши ҳаётга эришиш йўлидир — юқори баллга эга болалар катта олийгоҳларда ўқиши ва пировардида яхши ишларга жойлашиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)