Россиянинг Тула шаҳрида истиқомат қилувчи эркак марказий боғ ҳавзасига қармоқ ташлаб ўтириб инсонникига ўхшаш тишларга эга балиқ тутиб олди. Экспертлар бу одамларга хавф туғдирмайдиган Жанубий Америка пакуси эканлигини аниқлади, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Балиқнинг фотосуратлари ижтимоий тармоқларга жойлаштирилгач, бу «Тульские парки» муассасаси раҳбариятининг диққатини ўзига тортди.
«Фотосуратларни кўргач, биз балиқчи билан боғландик ва экспертизадан ўтказиш учун ундан балиқни олдик. Экспертларнинг дастлабки хулосаларига кўра, бу ўтхўр паку балиғидир, у инсонларга хавф туғдирмайди», — деди муассаса матбуот котиби Варвара Трунова.
Боғ дирекциясининг фикрича, балиқ ҳавзага аквариумистлар томонидан қўйиб юборилган. 50 сантиметргача узунликда бўладиган бундай балиқлар зоодўконларда сотилади, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)