Сурияда ҳукумат, қуролланган мухолифат ва террорчилик ташкилотлари жангарилари ўртасидаги можаро давомида 800 дан ортиқ тиббиёт ва инсонпарварлик ходими ўлдирилган. Бу ҳақда Бош Ассамблеянинг Суриядаги вазиятга бағишланган норасмий йиғилишида БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Стивен О’Брайен маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
«Можаро бошлангандан буён 90 дан ортиқ инсонпарварлик ходими ўлдирилган, шу билан бир пайтда БМТнинг 29 нафар ходими тутқунликда сақланмоқда ёки бедарак йўқолган деб қайд этилган», — деди О’Брайен.
У, шунингдек, жанговар ҳаракатларнинг беш йили давомида 259 та тиббий муассасага 365 та ҳужум қайд этилиб, соғлиқни сақлаш соҳасида 738 нафар ходим ҳалок бўлганлигини маълум қилди.
Бош котиб ўринбосарининг маълум қилишича, бугунги кунда Суриянинг 13,5 миллион аҳолиси инсонпарварлик ёрдамига муҳтож бўлиб, улардан 6,5 миллиони ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Мамлакат аҳолисининг 80 фоизи камбағалликда яшамоқда.
Изоҳ (0)