Франция элчихонаси томонидан Республика касаба уюшмалари федерацияси, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари билан ҳамкорликда 14—17 июнь кунлари илк бор ташкил этилган ёзги мактаб малака ошириш семинарида 110 нафар француз тили ўқитувчиси ва методисти иштирок этди. Бу ҳақда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар бермоқда.
Париждаги Франция институти кўмаги билан амалга оширилган мазкур лойиҳада мамлакатнинг турли вилоятларидан келган француз тили ўқитувчилари ва методистлари 20 соатлик малака ошириш семинарларида ўз билимларини оширди. Дарсларни Безансондаги Амалий тилшунослик маркази (CLA), Педагогик тадқиқотлар халқаро маркази (CIEP), FormationsFle agentligi ва Les passeurs de mots нодавлат таълим ташкилотидан ташриф буюрган олти нафар француз тилини чет тили сифатида ўқитиш методикаси бўйича мутахассис олиб борди.
Дарсларнинг аксарият қисми Бўстон санаторияси боғида, очиқ ҳавода ўтказилди. 16 июнь куни кечқурун семинар иштирокчлари ўз тренерлари билан биргаликда ёзги мактабнинг ёпилиш маросимига ажойиб чиқишлар тайёрлади. Маросимда Франция элчиси Жак-Анри Эльс, санаторий директори Фарида Акбарова, ХТВ Умумтаълим мактаблари ва ихтисослаштирилган мактаблар бошқармаси бошлиғи Абдураҳим Носиров ҳамда Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети ректори Шуҳрат Қаюмовлар иштирок этди. Ўқитувчилар дарслар давомида ўзлари тайёрлаган кичик саҳна асарлари, французча ашулалар, шеърлар ва мультимедиа клипни тақдим этди.
Изоҳ (0)