Тошкент шаҳрида 23–24 июнь кунлари бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси олдидан ташкилотга Ўзбекистон Республикасининг раислиги доирасида кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди, деб хабар беради ЎзА.
ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан икки юзга яқин вакил, Ўзбекистондан эса қарийб икки юз журналист қатнашади.
ШҲТнинг Тошкент саммитини нафақат мазкур ташкилотга аъзо, кузатувчи, мулоқот бўйича шерик ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатлар, балки бошқа кўплаб давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, нуфузли халқаро нашрлар, ахборот агентликлари, интернет нашрлари ва телеканаллар вакиллари ҳам ёритиб бориш истагини билдирган.
Саммит доирасидаги тадбирларни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун «Ўзекспомарказ»да барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди. Саммит кунлари журналистлар иш олиб борадиган ушбу марказ энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий техника — электрон намойиш стендлари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар, телефон билан жиҳозланди, шунингдек, юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли тизимлар орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилди.
Изоҳ (0)