«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати «Фаол ёшлар мактаби» тажриба-синов лойиҳасини эълон қилди. Бу ҳақда «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Марказий Кенгаши «Дарё» нашрига хабар берди.
«Фаол ёшлар мактаби» аъзолигига олий таълим муассасалари талабалари ва уюшмаган, 18–30 ёшгача бўлган ёшлар қабул қилиниши мумкин.
Мактаб аъзолигига даъвогар талаба анкетани топшириш вақтида унинг олий таълим муассасасидаги сўнгги ўқув семестрида умумий ўзлаштириши 80 фоиз ва ундан юқори бўлиши шарт.
Мактаб аъзоларини ўзлари таълим олаётган йўналиши, мутахассислиги, тажрибаси ва қизиқишидан келиб чиқиб, қуйидаги гуруҳларига ажратилади: ёш ижодкорлар, ёш ҳуқуқшунослар, ёш олимлар, ёш журналистлар, АКТ мутахассислари, ёш психологлар, ёш маънавиятчилар ва ёш тадбиркорлар.
Шунингдек, мактаб аъзоларининг қизиқиши ва талабларидан келиб чиқиб қўшимча йўналишлар жорий этилиши мумкин.
Мактаб аъзолари ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар томонидан ишлаб чиқилган янги лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун Марказий Кенгаш томонидан 5 миллион сўмгача (иш ҳақи ва овқатланиш учун маблағ ажратилмайди) миқдорда маблағ ажратилиши мумкин.
Изоҳ (0)