Футбол бўйича Россия терма жамоаси футболчилари ва бош мураббийи Леонид Слуцкий мухлисларни Евро–2016 турнирининг қолган ўйинларида тартибли бўлишга чақирди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«Қадрли ишқибозлар! Россия термасининг Англияга қарши Евро–2016 турнирининг илк ўйинида кўрсатган ажойиб далда учун сизлардан миннатдормиз. Айнан сизларнинг қўллаб-қувватлашингиз эвазига ўйин сўнгида муҳим гол киритиб, нуфузли турнирдаги илк очкога эга бўлдик. Олдинда Словакия ва Уэльсга қарши ҳам муҳим учрашувлар бор. Уларда ҳам трибуналарнинг далдасига таянамиз.
Ана шу муносабат билан Лилль ва Тулузада бўлиб ўтадиган баҳсларга келишни режалаштирган россиялик футбол мухлисларига илтимосимиз – ўзингларни тартибли тутиб, стадион ва жамоат жойларида қоидаларни бузманг. Халқаро футбол ташкилотлари учун мухлислар келажакда қоидабузарликни амалга оширмаслигини кафолатлаш жуда муҳим ҳисобланади.
Ўз навбатида биз футбол майдонида бор кучимизни бериб, бўлажак ўйинларда мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга ҳаракат қиламиз», – дейилади Россия футбол иттифоқи расмий сайтида.
Эслатиб ўтамиз, Марсель шаҳрида бўлиб ўтган Россия ва Англия терма жамоалари ўртасидаги учрашувдан сўнг икки жамоа мухлислари ўртасида тўқнашув юзага келди, кейинчалик эса улар маҳаллий аҳоли билан можарога киришди. Шундан сўнг, УЕФА Марселдаги тартибсизликларни кескин қоралаб чиққан эди.
Россиялик ва англиялик футбол ишқибозлари иштирокидаги тартибсизликлар яна такрорланса, бу икки давлат терма жамоалари Европа чемпионатидан четлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар қилинди.
Қайд этиш жоиз, аввалроқ УЕФА Россия футбол иттифоқига нисбатан интизомий иш очганди.
Изоҳ (0)