БМТ бош котиби Пан Ги Мун Нью-Йоркда 13 июнь, душанба куни, 72 ёшга тўлган кунида қуёш батареяларида ҳаракатланувчи Solar Impulse 2 учувчилари билан қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг муҳимлигини муҳокама қилди. Учувчилар совға сифатида унга торт тақдим қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Бутунжаҳон ташкилоти раҳбари ва швейцариялик аэронавтлар Андре Боршберг ва Бертран Пикар Жон Кеннеди номидаги Халқаро аэропортнинг ангарларидан бирида учрашди. У ерга Solar Impulse 2 11 июнь, шанба куни Пенсильвания штатидан АҚШнинг энг йирик мегаполисига етиб келгандан сўнг жойлаштирилган эди. Беш соатга яқин вақт сарфланган Нью-Йорк йўли якунида учувчилар азалий орзусини амалга ошириб, Озодлик ҳайкалининг атрофидан айланиб ўтди.
«Мен мазкур инқилобий ва тарихий аҳамиятга эга экспедицияни биринчи кунданоқ кузатиб бордим. Самолётда қўлланилган технологиялар дунё бўйича энергия истеъмолини икки баробарга қисқартиришга, табиий ресурсларни сақлаб қолиш ва яшаш даражасини кўтаришга ёрдам бериши мумкин», — деди Пан Ги Мун.
Учувчилар биргаликдаги чиқиши сўнгида Пан Ги Мунни туғилган куни билан табриклаб, унга торт совға қилди.
Изоҳ (0)