Foxconn Technology Group компанияси директори Терри Гоу ўз ходимларига Apple смартфонларига бўлган талаб кейинги йилнинг бошига қадар паст даражада бўлишини билдирди. Бу ҳақда, Nikkei Asian Review нашрига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Foxconn ҳисоб-китобларига қараганда, 2016 йилда жами 220 миллион iPhone сотилади — бу ўтган йилгидан 8,6 фоизга камроқдир.
Ўз навбатида, Yuanta Investment Consulting вакили Жефф Пу бу кўрсаткич 207 миллионга тенг бўлишини тахмин қилмоқда.
Агар прогнозлар амалга ошса, бу 2007 йилдан буён биринчи марта iPhone харидларининг тушиши бўлади. Шу пайтгача ушбу кўрсаткич ҳар йили ўсиб келаётган эди.
Ишлаб чиқарувчиларнинг фикрича, харидорлар янги смартфонга жиддий қизиқиш билдирмагани ҳам бунга сабаб бўлмоқда.
Hon Hai Precision Industry номи билан ҳам машҳур бўлган Foxconn Technology Group компанияси Apple смартфонларининг 70 фоизини ишлаб чиқаради.
Изоҳ (0)