Россия саноат ва савдо вазири ўринбосари Виктор Евтухов бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу ҳақда, вазирлик матбуот хизматига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Делегация таркибига Россия пахта жамияти президенти Рубен Каспаров ҳамда бир қанча енгил саноат корхоналари раҳбарлари кирди.
Делегациянинг икки кунлик сафари давомида ҳукумат ҳамда соҳа ташкилотлари вакиллари билан музокаралар ўтказиш режалаштирилган.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазири Элёр Ғаниев билан ўтказилган учрашувда текстиль ва кўнчилик саноати йўналишидаги ҳамкорлик, шунингдек, Россияга пахта толаси ҳамда ип газлама етказиш масалалари муҳокама қилинди.
«Россия учун Ўзбекистон енгил саноат йўналишидаги стратегик ҳамкор ҳисобланади. 2015 йилда РФ Ўзбекистондан 150 миллион долларга 73,7 минг тонна йигирилган пахта ипини импорт қилди, бу мазкур маҳсулот импортининг 60 фоизини ташкил этади», — маълум қилди Виктор Евтухов.
Россия енгил саноати учун хом ашё, биринчи галда йигирилган ип етказмаларини консолидация қилиш мақсадида Россия ҳудудида қўшма корхона ташкил этиш имконияти кўриб чиқилди.
Россия делегацияси, шунингдек, Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Рустам Азимов билан учрашувни ҳамда пахтани қайта ишлаш заводига ташрифни режалаштирган.
Изоҳ (0)