Халқаро дзюдо федерациясининг расмий сайтида жорий йилнинг 5–21 август кунлари Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Рио–2016 Олимпия ўйинларига йўлланма олган спортчилар рўйхати эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар натижасига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси саккизта йўлланмага эга бўлди. Жумладан, эркаклар терма жамоаси барча еттита (-60 кг, -66 кг, -73 кг, -81 кг, -90 кг, -100 кг ва +100 кг) вазнда йўлланмага эга бўлди. Аёллар терма жамоасидан биргина Гулноза Матниёзова (-70 кг) қитъавий квота орқали Олимпиада ўйинларида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.
Олимпиада ўйинларининг йўлланмаси учун рейтинг очколари ўйналган мусобақалар якунларига кўра, эркаклар ўртасида ҳар бир вазн тоифасида 1–22-ўринни, хотин-қизлар орасида эса 1–14-поғоналарни эгаллаган спортчилар Рио–2016 ўйинларига йўлланма олади. Қоидага кўра, ҳар бир вазн тоифасида бир давлатдан фақатгина бир нафар спортчи йўлланмага эга бўлади. Бундан ташқари, қитъавий квоталар орқали ҳам спортчиларга Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари берилади.
Эркаклар терма жамоасининг икки нафардан спортчиси -60 ҳамда -81 килограмм вазн тоифаларида кучли 22 таликдан ўрин эгаллаган. Булар, Диёрбек Ўрозбоев (-60 кг) ва Шарофиддин Лутфуллаев (-60 кг) ҳамда Шаҳзодбек Собиров (-81 кг) ва Яҳё Имомов (-81 кг). Уларнинг қай бири Рио–2016 Олимпиада ўйинларига йўл олиши Ўзбекистон дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинади.
Қолган вазн тоифаларида Ришод Собиров (-66 кг), Мирали Шарипов (-73 кг), Шерали Жўраев (-90 кг), Сойиб Қурбонов (-100 кг) ва Абдулло Тангриев (+100 кг) кучли 22 таликдан ўрин эгаллаб, Олимпиада ўйинларининг йўлланмасига эга бўлди.
Маълумот учун, Рио–2016 Олимпиада ўйинлари дастуридан ўрин олган дзюдо кураши бўйича мусобақалар 6–12 август кунлари ўтказилади.
Изоҳ (0)