25 ёшли британиялик Льюис Эллис дўстлари Алекс Маккормик ва Жеймс Уоллманлар билан бирга Кипрдаги зиёфатдан сўнг адашиб Сурияга бориб қолгани ҳақидаги уйдирма ҳикояга жаҳон оммавий ахборот каналларини ишонтира олди, деб хабар беради TJournal.
Британиялик сайёҳларнинг ҳикоя қилишича, улар Кипрда бир зиёфатдан чиқиб, дельфинларни томоша қилмоқчи бўлган, аммо кемаларни адаштириб юборган. Ярим йўлга етганида улар кема қирғоқдан анча узоқлашиб кетганидан шубҳалана бошлаган, лекин кемани орқага қайтариш имконини топа олмаган. Йигитларни уруш кетаётган Хомс шаҳридан 95 километр наридаги Тартус портида тушириб кетишган. Ҳарбий полиция нотаниш инсонларни сўроққа тутган. Маккормикнинг уқтиришича, улар қандай қилиб Сурияга келиб қолганини эшитган таржимон кулгидан «йиқилиб қолган». Полиция кун давомида британияликларнинг Кипрга қайтишига кўмаклашган.
Бу воқеани Daily Mail, The Mirror, Independent сингари нашрлар ҳикоя қилиб беришга улгурган эди. Аммо Эллис Facebook’да дўстларига воқеани ўзи тўқиб чиқарганини айтиб қўйди.
Журналистлар, шунингдек, Эллиснинг YouTube’да пранкерлик канали борлигини аниқлади.
Изоҳ (0)