Глобал иқтисодий инқироз туфайли охирги икки йил ичида Бирлашган Араб Амирликларида мактаб таълими учун тўловлар нархи кескин ошиб кетиб, ота-оналар фарзандларининг таҳсили учун пул тўлашда жиддий қийинчиликларга дуч келмоқда, деб хабар беради «ТАСС».
National газетасида келтирилишича, охирги икки йилда мактаб таълими учун йиллик тўлов 2500 долларга етди. Бунақа шароитда ота-оналар ё фарзандларининг таълимини тўхтатишга, ёки яхши ҳаёт қидириб мамлакатни тарк этишга мажбур бўлмоқда.
«Ўқув йили якунлари барчани ларзага келтирди, — деди Дубайдаги English Language School бухгалтери Муҳаммад Бажва. — Ҳатто ҳар доим вақтида тўлов киритган оилалар ҳам бу йил пул тўлай олмади. Ўн икки йиллик фаолиятим давомида биринчи марта бунча кўп кечиктирилган тўлов кўришим».
Айниқса кичик ва ўрта даромадли оилалар, биринчи галда чет эл фуқаролари жиддий муаммоларга дуч келмоқда. Кўпгина хорижликлар болаларини ўз юртларига қайтариб юборишга мажбур бўлмоқда.
Жумладан, Дубайнинг Покистон уюшмаси тарқатган баёнотда айтилишича, жорий йилда шаҳардаги покистонликлар жамоасининг мактаблар олдидаги қарзларини ёпишга 274 минг доллар ажратилди.
«Биз 41 болани қарз бандилигидан қутқариб улгурдик, — деди уюшма раҳбари Фейсал Икром журналистлар билан суҳбатда. — Охирги кунларда биз умумий суммаси 50 минг долларни ташкил этадиган яна 54 сўров олдик».
Изоҳ (0)