Покистон пойтахти Исломобод ва қўшни Равалпинди шаҳрига 1 июнь кечаси ёпирилган бўрон оқибатида 20 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда, The Pakistan Observer газетаси маъумотига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Тезлиги соатига 148 километрга етган кучли шамол ва жала туфайли Панжоб вилоятининг баъзи туманларида электр таъминоти узилди. Табиий офат оқибатида, шунингдек, Хайбер-Пахтунхва ва «қабилалар ҳудуди» ҳам зарар кўрди.
Нашр ҳисоб-китобига кўра, фақатгина Исломобод ва Равалпиндида юздан ортиқ одамга шикаст етди. Жабрланганларнинг умумий сони номаълум.
Табиий офат Беназир Бхутто номидаги халқаро аэропорт фаолиятига таъсир кўрсатди. Бу ерга келаётган рейслар ўз йўналишини Лаҳорга ўзгартирди.
Синоптикларнинг маълумотига кўра, ноқулай об-ҳаво республиканинг баъзи туманларида 3 июнь, жума кунигача сақланиб қолади.
Изоҳ (0)