Венесуэла пойтахти Каракас архиепископи кардинал Хорхе Уроса Савино мамлакат президенти Николас Мадурога фавқулодда ҳолатни бекор қилишга ундаб мурожаат қилди. Бу ҳақда, El Universal маълумотига таяниб, «Газета.ru» хабар бермоқда.
Кардиналнинг сўзларига қараганда, Мадуронинг ҳаракатлари Венесуэла муаммоларини ҳал қилишга ёрдам бермайди, аксинча унинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳолатини ёмонлаштиради.
«Шуни эслатиб ўтиш лозимки, 2002 йилнинг апрелида ва 2003 йилнинг январидаги энг қийин вазиятларда ҳам президент Чавес фавқулодда ҳолат эълон қилмаган эди. Ҳозирда фақат озиқ-овқат ва дори воситалари етишмаётган бир пайтда нега фавқулодда ҳолатни жорий этиш лозим. Бу билан бошқача курашиш керак», — деди Савино.
Унинг фикрича, ҳукумат можарони ҳал этиш учун босим ўтказишни эмас, мулоқотни танлаши лозим.
Эслатиб ўтамиз, май ойининг ўртасида Венесуэла президенти Николас Мадуро мамлакатда фавқулодда иқтисодий ҳолат режимининг амал қилишини яна 60 кунга узайтирганлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)