Қирғизистоннинг Асан Ариқбоев исмли фуқароси амнезияга чалингач, орадан 12 йил ўтиб дипломатлар ва Қозоғистон телевидениеси ёрдамида оиласини топди. Бу ҳақда, Қирғизистон ТИВга асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Айтилишича, 26 май куни «Қозоғистон» телекомпанияси журналистлари Қирғизистоннинг Олмаотадаги бош консуллиги ва республика жануби бўйича Қирғиз Республикаси ТИВ фавқулодда ва мухтор ваколатхонаси кўмагида Қирғизистон фуқароси бўлган аёлнинг 12 йил муқаддам Қозоғистон ҳудудида бедарак йўқолган ўғли билан учрашивини ташкил этди.
Хотирасини йўқотган йигит ижтимоий тармоқлар орқали Марказий Осиё республикалари вакилларига мурожаат этиб, оиласини топишда ёрдам сўраган эди. «Айтуға онай» телекўрсатуви журналистлари олиб борган текширув натижасида Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонда истиқомат қилувчи бир неча оила вакиллари Ариқбоев билан қариндошлигини тасдиқлади. ДНК таҳлили натижаларига кўра қирғизистонлик аёл унинг онаси эканлигини тасдиқланди.
Қирғизистон бош консуллиги Ариқбоевнинг ўз юртига қайтиши учун зарурий ёрдам кўрсатилишини ишонтириб айтди.
Изоҳ (0)