Қирғизистон парламенти депутатлари Фуқаролик процессуал кодексига тузатишлар киритиш ва «Экстремистик фаолиятга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Улар экстремизм ва терроризмга қарши курашиш соҳасидаги чораларни кучайтиришни кўзда тутади. Бу ҳақда, республика қонунчилик органи маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар беради.
Қонун лойиҳаси учинчи ўқишда қабул қилинди ва интернетда экстремизм ва терроризм ғояларини ўз ичига олувчи материаллар жойлаштирилган сайтларни зудлик билан блоклаб қўйишни кўзда тутади.
Депутатлар томонидан маъқулланган ўзгартиришлар бу каби сайтларни блоклаш ҳақидаги прокуратура органлари кўрсатмаларини судлар томонидан кўриб чиқиш муддатини уч—беш кунгача қисқартириш имконини беради. Шу пайтгача бунинг учун бир неча ҳафта ёки ойлар керак бўлар эди.
Тузатишлар республика президенти томонидан маъқуллангандан кейин расман кучга киради.
Изоҳ (0)