Ўсмирлар ўртасидаги Осиё Чемпионатида Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг рақиблари маълум бўлди, деб хабар берди «Championat.asia». Унга кўра Темур Олимхўжаев шогирдлари мусобақанинг «Д» гуруҳида КХДР (амалдаги чемпион), Таиланд ва Яман ўсмирлар терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.
2014 йилги Осиё Чемпионатининг чорак финалида Суриядан 2:5 ҳисобида енгилиб мусобақани тарк этган Ўзбекистон U-16 терма жамоаси 2016 йилги мусобақанинг қуръаси олдидан 2-саватда эътироф этилди. Бу саватда худди Ўзбекистон термаси каби сўнгги қитъа биринчилигида чорак финалда мағлуб бўлган Япония, Эрон ва Малайзия терма жамоалари бор эди. Шу тариқа бу квартет гуруҳ босқичида бир-бирига рақиб бўлмади.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг бош вазифаси 2017 йил Ҳиндистонда бўлиб ўтадиган Жаҳон Чемпионатига йўлланма олиш. Бунинг учун Темур Олимхўжаев жамоаси қитъа чемпионатининг энг камида ярим финалига қадар етиб бориши керак. Қизиқ томони, Осиё Чемпионатига ҳам Ҳиндистоннинг ўзи мезбонлик қилади ва мусобақа 2016 йилнинг 15 сентябрь куни старт олади.
2017 йилги Жаҳон Чемпионатида Ҳиндистон ўсмирлар терма жамоаси мезбон сифатида иштирок этади. Шундан келиб чиқиб, Ҳиндистон термаси Осиё Чемпионатида ярим финалга қадар етиб борса, у ҳолда 5-ўрин учун ҳам беллашув ташкил этилади. Яъни, мезбонларнинг қитъа чемпионатида ярим финалга қадар етиб бориши — чорак финалдан ўта олмаган 4 та терма жамоага яна бир мартадан имконият тақдим этади.
U-16 Осиё Чемпионати—2016. Гуруҳ босқичи
«А» гуруҳи | «Б» гуруҳи | «C» гуруҳи | «Д» гуруҳи |
Ҳиндистон | Австралия | Жанубий Корея | КХДР |
Эрон | Япония | Малайзия | Ўзбекистон |
Саудия Арабистони | Вьетнам | Уммон | Таиланд |
БАА | Қирғизистон | Ироқ | Яман |
Изоҳ (0)