Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан бир қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда 2016 йилнинг 26–28 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида ҳамда Тошкент шаҳридаги Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғида «Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор» шиори остида Республика китоб байрами ўтказилади. Бу ҳақда «Дарё»га агентлик томонидан маълумот берилди.
Шу ойнинг охирида китоб байрами ташкил этилиши илгарироқ маълум бўлган эди.
Сайл тарзида ўтказиладиган тадбирларда адабий-бадиий, ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳамда энциклопедик йўналишдаги китобларнинг тақдимотлари, мустақилликнинг 25 йиллигига бағишланган сара асарлар намойиши, таниқли адиб ва шоирлар билан учрашувлар, совринли викториналар, санъат усталари ва ёш ижодкорларнинг концерти ташкил этилади.
Китоб байрами доирасида 27 май куни «Китоб — миллатнинг бебаҳо маданий ва маънавий мероси» мавзуидаги IV илмий-амалий конференция ҳам ўтказилади.
Изоҳ (0)