Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 13 майдаги қарори билан Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети (ТДПУ)нинг янгиланган тузилмаси тасдиқланди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда, ҳукумат қарори матни «Lex.uz»да эълон қилинган.
Университетнинг янги тузилмасида саккизта — физика-математика (1), табиий фанлар (2), педагогика, психология ва дефектология (3), чет тиллар (4), тарих (5), касб таълими (6), бошланғич таълим ва жисмоний тарбия (7) ва чақириққача ҳарбий таълим (8) факультетлари фаолият олиб боради.
Аввалроқ ТДПУнинг ўзбек тили ва адабиёти факультети, шунингдек, Ўзбекистон Миллий университетининг ўзбек филологияси факультети ва Фанлар Академиясининг Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти негизида Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилиши ҳақида хабар берилган эди.
Ҳукумат қарорига кўра, ТДПУ бошқа манзилга — 1-сон Тошкент педагогика коллежи биноларига кўчади (Чилонзор тумани, Бунёдкор кўчаси, 27-уй). 2017 йилнинг 1 августига қадар бу ерда университет учун янги бинолар қурилади.
Изоҳ (0)