Тожикистоннинг Сайловлар ва референдумлар бўйича марказий комиссияси 23 май, душанба куни Конституцияга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди, деб ёзади «Коммерсантъ».
Республикада овоз беришда 4,38 миллион фуқаро ёки сайлов рўйхатига киритилганларнинг 92 фоизи қатнашди. Шуларнинг 3 814 447 нафари ёки 94,5 фоизи Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини ёқлаб овоз берди. 134 171 киши ёки сайловда иштирок этганларнинг 3,3 фоизи эса бунга қарши овоз берди. «Шу тариқа, референдумга қўйилган саволлар бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади», — деди комиссия раиси Бахтиёр Худоёрзода.
22 май куни Тожикистонда мамлакат конституциясига тузатишлар киритиш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди. Тузатишлар амалдаги давлат раҳбарига Тожикистон президентлигига номзодини чекловларсиз қўйиш имкониятини беради. Шунингдек, президентликка номзодлар учун энг кичик ёш 35 дан 30 гача пасайтирилишини назарда тутади. Мамлакат ҳудудида миллий ва диний тамойилларга кўра сиёсий уюшмалар, партиялар ташкил этилишига тақиқ жорий этилади.
Изоҳ (0)