Euronews телеканалининг инглизча сайти таҳририяти қрим татарлари депортацияси ҳақидаги мақолада йўл қўйилган хатони тузатди, деб хабар бермоқда Meduza.
Ушбу материалда 1944 йилда Сталин томонидан мажбурий кўчирилган қрим татарларининг сони 2 миллион киши деб кўрсатилган эди. Мақоланинг русча версиясида эса бу сон 200 минг киши эканлиги айтилган эди.
Россия ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова телеканалдан бу хато учун узр сўрашни талаб қилди.
«Бу адашув, янглишиб қўшиб юборилган ортиқча ноллар бўлиши мумкин эмас, чунки инглиз тилидаги матнда икки миллион сўз билан ёзилган. Шунингдек, у ерда ‘оккупация қилинган Қримда’, жумладан, Боғчасаройда депортация санасига бағишланган хотира тадбирлари ўтказилиши ман этилгани ёзилган», — деб ёзди у Facebook’даги саҳифасида.
Тузатилган матн қуйидагича шаклга келди: «Қрим татарлари Сталин даврида депортация қилинган миллионлаб одамлар қаторида бўлган 200 минг кишини эсга олади».
Маълумот учун, 1944 йилнинг 18–20 май кунлари қрим татар халқи хиёнатда айбланиб, мажбурий равишда Ўрта Осиёга, асосан — Ўзбекистонга кўчирилган эди. Депортация давомида, шунингдек, кейинги ойларда очлик оқибатида умумий сони 183 155 кишини ташкил этган қрим татарларининг 46 фоизи ҳалок бўлди.
Изоҳ (0)