«Ўзэкспомарказ»да машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш, ахборот тизимлари ва телекоммуникация масалалари комплексларининг тармоқ саноат ярмаркалари бошланди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўтган йили тармоқ саноат ярмаркасида 165 корхона иштирок этиб, 1200 турдаги маҳсулотларни намойиш этган ва уларнинг 82 таси маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилган янги товарлар эди. Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Ўзагросаноатмашхолдинг» холдинг компанияси, «Ўзэлтехсаноат» акциядорлик компанияси, «Ўзагромашсервис» уюшмаси таркибига кирадиган 220 дан ортиқ корхона, шунингдек, кичик бизнес субъектлари ва бошқалар ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда.
Маркетинг ва савдони ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Фаррух Шокировнинг сўзларига кўра, жорий йилги тармоқ саноат ярмаркасида 14 корхона 260 дан зиёд турдаги маҳсулотни намойиш этмоқда. Уларнинг 40 таси мутлақо янгидир. «Сино» акциядорлик жамияти, Artel савдо белгиси остидаги компаниялар гуруҳи, Zenith Electronics қўшма корхонаси ва бошқалар шулар жумласидандир.
Тошкент ва Чирчиқ қишлоқ хўжалиги техникаси заводлари, агрегат заводи, «Технолог», «Урганчкорммаш» акциядорлик жамиятлари ва бошқа корхоналар бир неча турдаги трактор, тиркама, пахта териш машинаси, пуркагич, сеялка, роторли ўроқ, ўғит сепгич, шунингдек, пахта териш машиналарининг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари, плуг ва культиваторларни намойиш этмоқда.
Тармоқ ярмаркасида «Ўзагромашсервис» уюшмаси корхоналари фермер ва деҳқон хўжаликлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга ўз хизматларини таклиф этмоқда. Мазкур корхоналар маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Ярмарка давомида корхоналар томонидан ўтказиладиган тақдимот маросимларида машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини, маҳсулотларни стандартлаштириш, ахборот тизимлари ва телекоммуникацияларни ривожлантириш тўғрисида атрофлича маълумотлар олиш мумкин. Шунингдек, тадбир доирасида «Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш — ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтириш истиқболи» мавзуида семинар ўтказилади.
Изоҳ (0)