Тошкентдан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари томон «Саломатлик» поезди жўнаб кетди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тиббий-ижтимоий акция «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳамкорлигида «Дори-дармон» акциядорлик компанияси, «Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти ва бошқа муассасаларнинг молиявий кўмагида ташкил этилди.
Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига «Саломатлик» поезди бориши муносабати билан ушбу ҳудудларда 25 майга қадар саломатлик кунлари ташкил этилади. Бир ҳафта давомида Тошкентдан борган малакали шифокорлар ва «Соғлом авлод учун» фондининг вилоятлардаги кўчма тиббий ижтимоий ёрдам бригадалари мутахассислари томонидан болалар, хотин-қизлар, кўп болали оилалар аъзолари ва бошқа тиббий-ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни тиббий кўрикдан ўтказиш, хасталик аниқланганларни соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилувчи учрашувлар ташкил этиш кўзда тутилган.
Хайрия акцияси давомида аҳолига ва даволаш профилактика муассасаларига озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, дори-дармон, тиббиёт анжомлари, санитария-гигиена воситалари ва бошқа мурувват юкларини етказиб бериш режалаштирилган.
Изоҳ (0)