Юзлаб исроилликлар жорий йилнинг бошидан буён рекорд даражадаги жазирама туфайли шифокорларга мурожаат қилди. Бу ҳақда, тез ёрдам хизмати маълумотига таяниб, «РИА Новости» хабар беради.
14—15 май кунлари Исроилнинг баъзи туманларида ҳаво ҳарорати 50 даражага яқинлашди. Метеорологлар ҳаво ҳароратининг пасайишини сешанба—чоршанба кунларига ваъда қилмоқда.
«Шанба, 14 май тонгидан якшанба, 15 май кечқурунига қадар шифокорлар 442 нафар беморга ёрдам кўрсатди, бу одатдаги кунлардагидан анча кўпдир. Улардан 31 киши сувсизликдан жабрланган, 196 нафари ҳушдан кетган, 212 нафарига ҳолдан тойиш ташхиси қўйилган, уч нафарини қуёш урган», — дейилади тез ёрдам маълумотида.
Энг иссиқ ҳарорат мамлакатнинг жанубида — Эйлат курорт шаҳрида ва Арава чўлида қайд этилган. У ерда куни кеча, 15 май куни ҳаво ҳарорати 46 даражагача кўтарилган.
Изоҳ (0)