Германиянинг Ганновер шаҳрида ўқ отиш бўйича ўтказилган йирик халқаро турнирда муваффақиятли иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар шахсий ҳамда жамоавий баҳсларда совриндор бўлди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Жумладан, шахсий ҳисобда бўлиб ўтган баҳсларда Вадим Скороваров пневматик милтиқдан (ВП-6) ўқ отиш йўналишида энг юқори натижани қайд этиб, олтин медалга сазовор бўлди. Пневматик тўппончадан ўқ отиш баҳсларида иштирок этган яна бир ўзбекистонлик спортчи Муслима Юлдашева кумуш медаль совриндорига айланди.
Пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича жамоавий баҳсларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Вадим Скороваров, Саидхон Сайфутдинов ва Сухроб Мирзажонов кумуш медаль совриндори бўлди. Олтин медални Германия жамоаси қўлга киритган бўлса, бронза медали Дания жамоасига насиб этди.
Қайд этиш керакки, мазкур халқаро турнирда дунёнинг 37 давлати вакиллари ғолиблик учун кураш олиб борди.
Изоҳ (0)