Халқаро аксилдопинг агентлиги (WADA) берган баёнотга кўра, 2016 йилнинг 1 мартига қадар топширилган допинг-тестларда мельдоний миқдори бир микрограммдан ошмаслиги лозим, деб хабар бермоқда «Газета.ru».
Баёнотда билдирилишича, ушбу препаратнинг қўлланилиши билан боғлиқ воқеалар тафтиши модда ҳажми қонда 15 микрограммдан ошганида ёки допинг-тест 1 мартдан кейин топширилган тақдирда давом эттирилади.
«Допинг-пробада мельдоний миқдори 1 микрограммдан кам ёки тест 1 мартгача топширилган бўлган ҳоллар 2016 йилнинг 1 январидаги воқеалар билан тенглаштирилади. Шу тариқа, атлет препаратни тақиқдан сўнг қасддан қабул қилмаган, деган тахмин илгари сурилади», — дейилади баёнотда.
Йил бошидан буён 40 нафар россиялик спортчи мельдоний қабул қилгани фош этилди. Булар орасида атоқли теннисчи Мария Шарапова бор.
Бир муддат олдин россиялик боксчи Александр Поветкиннинг қонида 70 нанограмм мельдоний борлиги маълум қилинди.