Туркиянинг Европа қисмидаги Галлиполи ярим оролида сайёҳлик автобуси ағдарилиб кетди. Бу ҳақда, Hurriyet нашри маълумотига таяниб, «РБК» хабар берди.
Расмийларнинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида беш киши қурбон бўлган: тўрт киши воқеа жойида, бир киши шифохонада ҳалок бўлган. Яна 32 киши яраланган. Haber Turk нашри 40 киши жабрланганлиги ҳақида маълум қилган.
Чаноққалъа вилояти губернаторининг сўзларига қараганда, автобус Истанбулдан Чаноққалъадаги қабристонга йўл олган эди. Авария Чаноққалъа—Истанбул трассасида юз берган. Ҳодиса жойига авария-қутқарув хизмати ва тез ёрдам вертолёти етиб келган. Жабрланганлар Чаноққалъа ва Эдирна шаҳридаги шифохоналарга жойлаштирилган.
Авария сабаблари аниқланмоқда. Чаноққалъа—Истанбул трассаси бир муддатга ёпилган.
Изоҳ (0)