Олий Мажлис Сенати Кенгашининг 5 мартдаги қарорига мувофиқ, Қашқадарё вилоятида фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилмоқда. Бу ҳақда ЎзА маълум қилди.
Унда вилоятдаги 660 фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 6 мингдан ортиқ маслаҳатчиси сайланади. Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясидан олинган маълумотларга кўра, ҳозиргача вилоятдаги 49 фуқаролар йиғинида сайловлар юқори савияда ўтказилди. Шу пайтга қадар сайловчилар фуқаролар йиғини раислари ва уларнинг 460 дан ортиқ маслаҳатчилари учун муқобиллик асосида овоз берди.
Жумладан, Қарши шаҳридаги Хонтепа маҳалласида ўтказилган сайловда сайловчилар номидан 52 вакил қатнашди. Фуқаролар йиғини раислигига номзодлар ўз дастури билан сайловчиларни таништирди, ободонлаштириш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш юзасидан амалга ошириладиган ишлар ҳақида сўз юритди. Рамиз Зоҳиров "Хонтепа" маҳалла фуқаролар йиғини раиси этиб сайланди. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси маслаҳатчилари лавозимига кўрсатилган 18 номзоддан 9 нафари очиқ овоз бериш йўли билан маслаҳатчиликка сайланди.
Изоҳ (0)