Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкида Жаҳон бозорлари, инвестициялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази ташкил этилади, дея хабар бермоқда «Газета.uz» Вазирлар Маҳкамаси қарори (pdf)га таяниб.
Марказ жаҳон бозорларини чуқур таҳлил қилиб, ривожланган мамлакатларнинг илғор технологияларини ўрганади ва шу асосда маҳаллий иқтисодиёт аниқ тармоқларининг инвестиция фаолияти бўйича муфассал тавсиялар ишлаб чиқади, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини шакллантиришда иқтисодий ва технологик баҳолашларни самарали ташкил этади.
Марказ, шунингдек, хорижий банклар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш, йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредитлар ва қарзларни жалб этиш юзасидан ҳамкорликни фаоллаштириш, янги технологиялар соҳасида ҳисоботлар ва шарҳларни, шунингдек, республика иқтисодиёти тармоқлари томонидан кўриб чиқиш учун таклифлар тайёрлаш, ҳар ҳафталик жаҳон ва маҳаллий молия индексларини ҳамда тармоқлар ва корхоналар бўйича бошқа иқтисодий кўрсаткичларни шарҳлаш билан шуғулланади.
Марказ Мувофиқлаштириш гуруҳи билан келишган ҳолда Ўзмиллийбанк Бошқаруви раиси томонидан лавозимига тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади.
Изоҳ (0)