Акром Афиф Европанинг топ клуби билан шартнома имзолаган қатарлик биринчи футболчига айланди, деб хабар берди Осиё Футбол Конфедерацияси расмий сайти. 1996 йилда таваллуд топган футболчи эндиликда Испаниянинг «Вильярреал» клуби шарафини ҳимоя қилади.
Ҳуқуқий жиҳатдан Қатарнинг «Ас-Садд» клубига тегишли бўлган Акром Афиф Бельгиянинг «Эупен» клубида тўп суриб, 16 та ўйинда 6 та гол уришга муваффақ бўлди. Қайд этиш керак, «Эупен» 2012 йилдан буён Қатарнинг Aspire Zone Foundation фондига қарашли клуб ҳисобланади. Маълумот учун, бу компания Франциянинг «ПСЖ» клубига ҳам эгалик қилади.
«Мен ‘Вильярреал’дек катта клуб билан шартнома имзолаганимдан бахтлиман. Умид қиламанки, яқин орада Испаниянинг энг яхши клубларидан бирида тўп сурадиган футболчи ва бу ердаги мураббийлардан кўп нарса ўрганаман», — деб айтиб ўтган Афиф Қатар—2022 учун очилган расмий сайтга берган интервьюсида.
Акром Афиф 2014 йил бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионатидан кейин танила бошлади, дейилади ОФК расмий сайтидаги хабарда. Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси ярим финалга қадар етиб борган мусобақада чемпионлик айнан Қатар ёшлар терма жамоасига насиб қилганди. Афиф эса КХДРга қарши финал ўйинида ягона голга муаллифлик қилиб, учрашувнинг энг яхши футболчиси деб топилган.
Афиф 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё Чемпионатида ҳам қатнашди ва Қатарнинг ярим финалга қадар етиб боришига ўз ҳиссасини қўшди. ЖЧ—2018 саралаши доирасида Қатар миллий терма жамоаси сафида ўзининг дебют учрашувини ўтказди ва Бутан дарвозасига киритилган 15 та голдан бирига муаллифлик қилди.
«‘Вильярреал’ келаси мавсум Европа Чемпионлар Лигасида тўп суради, биз барча турнирларда муносиб иштирок этишга ҳаракат қиламиз. Янги жамоам билан ҳозирча машғулот ўтказиб улгурмадим, аммо ишонаманки, тез орада асосий таркиб футболчисига айланаман», — деди Афиф.
«Мен Қатар миллий терма жамоаси сафида 2022 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қиламан. Ўйлашимча, 2022 йилга қадар бизда ажойиб жамоа бўлади. Биз ёшлар ўртасида қитъада тенгсиз бўлгандик, етишиб чиқаётган ёш авлоднинг салоҳиятини юқори баҳолайман. Ҳозир эса асосий мақсадимиз — Россияда бўлиб ўтадиган 2018 йилги жаҳон чемпионатида иштирок этиш».
Қайд этиш керак, Қатар миллий терма жамоаси ЖЧ—2018 3-саралаш босқичида Ўзбекистон термаси билан бир гуруҳдан жой олган.
2015 йил якунларига кўра ўзбекистонлик уч нафар футболчи — Достон Ҳамдамов, Элдор Шомуродов ва Забиҳилло Ўринбоев Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлиш учун кураш олиб борганида, Акром Афиф номи номинацияда кўриниш бермаганди.
Изоҳ (0)