2009 йилда Теҳрон-Ереван рейсини амалга ошираётган Ту-154 самолётининг ҳалокатини тафтиш этиш бўйича комиссия хулосаларига мувофиқ, фожиада россиялик лойиҳалаштирувчи ҳамда рейсга хизмат кўрсатган персонал айбдор. Бу ҳақда, Теҳрон прокуратураси вакили Ғози Шаҳриёрийга асосланиб, «Независимая газета» хабар бермоқда.
«Ҳалокатнинг сабаби босим компрессори клапанидаги носозлик эди. Пировардида Россиянинг лойиҳалаштирувчи компанияси, шунингдек, рейсга хизмат кўрсатиш учун масъул персонал айбдор деб топилди», — деди Шаҳриёрий.
Унинг қўшимча қилишича, янги комиссия Caspian Airlines авиакомпанияси собиқ раҳбариятининг лайнерни харид қилишдаги бепарволигини тафтиш этади.
Эроннинг Caspian Airlines авиакомпаниясига тегишли Ту-154М 2009 йилнинг 16 июлида Қазвин шаҳри яқинида қулади. Бортдаги 168 киши, шу жумладан, 15 нафар экипаж аъзоси, ҳалок бўлди. Лайнер Теҳрон-Ереван рейсини амалга ошираётган эди.
Изоҳ (0)