2014 йил охири кўрсаткичларига мувофиқ, Россиядан офшорларга 1,3 триллион доллар миқдоридаги маблағ олиб чиқиб кетилди. АҚШдаги Колумбия университети профессори Жеймс Генрининг ҳисоб-китоблари шундай натижа бермоқда, деб хабар қилади Forbes Guardian нашрига таяниб.
Умуман олганда, ривожланаётган давлатлардан офшорларга 12 триллион доллар олиб чиқиб кетилгани айтилмоқда. Ўз ҳисоб-китобларида Генри Халқаро валюта жамғармаси ва БМТ тақдим этган ахборотга асосланмоқда.
Хитой фуқароларига 1,2 триллион доллар тегишли. Профессор, шунингдек, Малайзия, Таиланд ва Индонезияда бу кўрсаткич анча юқори эканлигини қайд қилди.
Унинг фикрича, пулларни офшорга тикиш нафақат солиқлардан қочиш, балки порахўрлик ва жиноятчиликдан ўзини ҳимоя қилишга хизмат қилади. Генри буни «Юлдузли жанглар»даги саҳналардан бирига қиёслади:
«Бу ‘Юлдузли жанглар’даги бир саҳнани эслатади: бир томондан, кимдир солиқдан қочади, бошқа томондан, қурол-яроғ сотувчилари ва порахўрлар бор. Айримлар офшорлардан пулларни ювиш ва қаллоблик йўлида фойдаланади».
Таъкидланишича, офшор жамғармалари пайдо бўлишининг асосий манбалари Нигерия, Ангола, Бразилия ва Аргентинадир. Тадқиқот муаллифининг фикрича, агарда офшорларда ҳеч бўлмаганда 1 фоизлик солиқ жорий этилса, мамлакатлар иқтисодиёти йилига 120 миллиард доллар ола бошлайди, бу эса халқаро молиявий қўллаб-қувватлашга ажратиладиган суммага (131 миллиард доллар) деярли тенгдир. Аммо офшор эгалари биринчи галда ўз бойликларидан хавотир олади ва жаҳон иқтисодиёти ўсишига хизмат қиладиган чораларни амалга оширмайди.
Изоҳ (0)