Бугун, 7 май куни «Сергели Арена» стадионида машҳур спорт шарҳловчиси Давлат Турдиалиев хотирасига бағишланган футбол турнири бўлиб ўтди.
Хотира турнири ўтказиш ташаббуси Давлат Турдиалиевни ўзига устоз деб билган спорт журналистларидан чиққан бўлиб, унинг футбол турнирида 4 та жамоа: шарҳловчи ўз вақтида фаолият олиб борган «Спорт» ва «Ёшлар» телеканали жамоалари, шунингдек, «Chempionat.asia» сайти ҳамда «Чемпион плюс» газетаси иштирок этди.
Хотира турнирида Давлат Турдиалиевнинг оила аъзолари қаторида, у киши билан бирга фаолият олиб борган ҳамкасблари, шогирдлари, футбол шарҳловчилари, спорт журналистлари иштирок этди. Турнирнинг тақдирлаш маросимида ФИФА рефериси Равшан Эрматов ҳамда машҳур мутахассис Миржалол Қосимов ҳам қатнашди.
Хотира турнирининг кулминацияси — у ўтаётган вақтда Давлат Турдиалиевнинг набираси дунёга келгани бўлди. Шарҳловчининг ўғли, айни вақтда «Спорт» телеканалида фаолият олиб бораётган Ҳасан Турдиалиевнинг мобил телефонига футбол учрашуви вақтида смс хабарнома келиб, унда ёш шарҳловчи қиз фарзандли бўлгани маълум қилинганди.
Маълумот учун, Давлат Турдиалиев 2014 йилнинг 2 август куни оламдан кўз юмганди. Орадан бир йил ўтиб, 2015 йилнинг айнан 2 август куни Турдиалиевлар сулоласининг давомчиси бўлган Ҳасан Турдиалиев оила қурганди. Марҳум шарҳловчи учун атаб ўтказилган биринчи хотира турнирида эса унинг қиз набираси дунёга келди.
Изоҳ (0)