Футбол бўйича Италия А сериясининг 35-тур учрашувлари ўз якунига етди. Унга кўра «Верона» жамоаси келаси мавсумни мамлакат Б сериясида ўтказадиган бўлди.
35-турга келиб нафақат қуйи лигага тушиб кетган жамоа номи, балки мамлакат чемпиони ҳам аниқланди. Қолган уч тур Чемпионлар Лигасида қайси жамоаларнинг иштирок этиши ва Б серияга равона бўладиган яна икки клуб номига ойдинлик киритиб беради.
«Милан» клубининг Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслиги маълум эди. «Верона»дан қабул қилиб олинган мағлубиятдан кейин жамоанинг Европа Лигасида иштирок этиш масаласи ҳам хавф остида қолди. 35-турдан кейин миланликлар 53 очко билан А сериянинг олтинчи жамоаси бўлиб турибди, 7-поғонадаги «Сассуоло» ҳисобида 52 очко бор.Қайд этиш керак, «Милан» «Верона»ни ўз майдонида кечган биринчи ўйинда ҳам мағлуб эта олмай, 1:1 ҳисобига рози бўлганди.
Ўз навбатида «Верона»нинг А серия билан хайрлашувига «Карпи» клубининг ғалабаси сабаб бўлди. Лигада жон сақлаб қолиш илинжида ҳаракат қилаётган дебютант жамоа «Эмполи» устидан зафар қучди ва очколари сонини 35 тага етказди.
Олдиндаги уч тур давомида 32 очкога эга «Палермо» ҳамда 30 очкоси бор «Фрозиноне» клублари А серияда қайси жамоа қолиши масаласини ҳал этишга уринади.
Италия А серияси 35-тур беллашувлари 25 апрель, душанба
Изоҳ (0)