Футбол бўйича Европа Чемпионлар Лигаси ярим финалидаги «Реал»га қарши ўйин олдидан «Манчестер Сити» бош мураббийи Мануэль Пеллегрини ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Бу ҳақда УЕФА расмий сайти хабар берди.
«Ярим финалдан ростмана роҳатланишимиз керак, чунки биз бу босқичга ҳар доим ҳам етиб келавермаймиз. Футболчилар бунинг қанчалар муҳим эканини яхши билишади. Шунингдек, хотиржамликка берилиш ҳам ярамайди, сабаби мусобақада давом этишни ва финалда ўйнашни ҳамма ҳам хоҳлайди. Бизни ғалаба учун руҳлантирилган жамоа кутиб турибди», — деб айтиб ўтди Пеллегрини.
Қайд этиш керак, чилилик мутахассис 2009/10 йилги мавсум давомида Мадриднинг «Реал» клубини бошқарган. Ўшанда жамоа Ла Лигада ўзи учун максимал бўлган 96 очко тўплаганига қарамай, «Барселона»дан кейин иккинчи бўлган, Чемпионлар Лигасининг 1/8 финалида «Лион»дан мағлуб бўлиб, мусобақани тарк этган. Энг қизиғи, «Реал» Испания Кубогида 3-дивизион жамоаси ҳисобланган «Алькоркон»дан енгилиб, турнирдан чиқиб кетган.Мануэль Пеллегринининг фикрига кўра, «Манчестер Сити» финалга йўлланма олиш йўлида ҳимоявий футболни ҳам унутмайди: — «Мен жамоамга доимо ҳужумкор футбол кўрсатишни ўргатиб келаман. Финалда ўйнаш учун эса ҳимояни ҳам назардан қочирмаслик керак. Биз майдонга совуққон бош ҳамда қизиққон юрак билан чиқиб келамиз. Ўз ҳиссиётларимизни назоратда ушлашга интиламиз».
Изоҳ (0)