Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Савай қишлоғида 26 апрель, сешанба куни сут қабул қилиш маркази очилди. «Газета.uz»нинг маълум қилишича, биринчи сут қабул қилиш тақдимот маркази Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг (GIZ) Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликдаги «Ўзбекистон Республикасининг алоҳида минтақаларида иқтисодиётни ривожлантиришга кўмаклашиш» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Вилоятдаги сут фермалари ва ёрдамчи хўжаликлар кам ҳажмда маҳсулот ишлаб чиқарувчи, кичик даромад кўрадиган корхоналар ҳисобланади. Улар фақат кичик аҳоли яшаш пунктларининг эҳтиёжларини қондира олади, холос. Кичик маҳаллий марказлар ривожланиб, маҳсулот ҳажми ва сифатини ўстириш тенденциясини намоён қилмаяпти.
Бу муаммони ҳал қилишнинг йўлларидан бири аҳолидан сут тўплаш пунктини очиш эди. Бу билан сутни соғиш, тўплаш ва қайта ишлаш сифати оширилади, қорамолни боқиш ва сақлаш шароитлари ва технологияларини яхшилаш ҳисобига қорамолларнинг сермаҳсуллиги ҳам ўсади.
Лойиҳа реализацияси учун GIZ Савай, Дардак ва Деҳқончак қишлоқларидаги учта сут тўплаш пункти учун асбоб-ускуна харид қилди. Ускуналар Савдо-саноат палатаси ва маҳаллий сутни қайта ишловчи «Оқ сув» холдинги билан ҳамкорликда ўрнатилади. Пунктларнинг вазифаси холдингни сифатли сут билан таъминлаш бўлади.
Ҳозирча битта пункт очилди. «Оқ сув» раҳбари Алижон Аҳмедов очилиш маросимидаги чиқишида қолган пунктлар 2016–2017 йиллар давомида қуриб битирилишини айтди.
Холдинг кунига 20 тонна сутни қайта ишлаш салоҳиятига эга бўлса ҳам, ҳозирликда бу кўрсаткич 5 тоннани ташкил қилмоқда. Етказилаётган сут ҳажмининг ошиши билан маҳсулот хилма-хиллиги таъминланади, жумладан, германиялик мутахассислар кўмагида юмшоқ ва қаттиқ пишлоқнинг янги навлари ишлаб чиқарила бошлайди.
Холдинг маҳсулотлари бугун Тошкент, Наманган, Самарқанд сингари шаҳарларда сотилади. Компания мутасаддилари келажакда қўшни мамлакатларнинг бозорларига чиқишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)