Саудия Арабистони ҳукумати мамлакатни ривожлантириш бўйича 2030 йилга қадар мўлжалланган режани қабул қилди
Саудия Арабистони Вазирлар маҳкамаси «Қироллик нигоҳи 2030» номи остида мамлакатни ривожлантириш узоқ истиқболли режасини қабул қилди. Бу ҳақда қирол Салмон бин Абдулазиз ас-Сауд баёнот берди.
«Биз иқтисодий масалалар бўйича кенгашга 2030 йилга қадар мамлакатни ривожлантириш режасини йўлладик. У бутун дунёга ўрнак бўла олади деган умиддамиз», — унинг сўзларини келтиради «ТАСС».
Ташаббусдан кўзланган мақсад — иқтисодиёт диверсификацияси, даромад структурасида нефть экспортининг улушини қисқартириш. Бу режадан ўрин олиши кутилаётган энг муҳим чоралар Saudi Aramco нефть гиганти акцияларининг биржага бирламчи жойлаштирилиши (IPO) ҳамда 2 триллион доллардан ортиқ активга эга бўладиган жаҳондаги энг йирик миллий фаровонлик жамғармасининг ташкил этилишидир. Ҳукумат ҳузуридаги иқтисодий масалалар бўйича кенгаш раиси, иккинчи валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ас-Сауд Al Arabiya телеканалига берган интервьюсида бу икки чора режанинг энг муҳим жиҳатларидан бўлишини тасдиқлади.