2016 йилнинг 18 апрель куни Хитой пойтахти Пекин шаҳрида енгил атлетика бўйича старт олган халқаро Гран-при мусобақасида уч нафар ўзбекистонлик паралимпиячи олтин медални қўлга киритди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати «Дарё» нашрига хабар берди.
Мазкур Гран-прида 21 давлатдан 200 нафардан ортиқ спортчи куч синашмоқда.
Ўзбекистонлик паралимпиячилардан Фахриддин Ҳамроев 400 метрга югуриш баҳсида марра чизиғини 50,96 сонияда босиб ўтиб, олтин медалга сазовор бўлди. Найза отиш баҳсида иштирок этган ўзбекистонлик спортчилардан Александр Свечников 62,43 метр натижа билан эркаклар ўртасида, Нозимахон Қаюмова 43,31 метр билан аёллар ўртасида биринчи ўринни эгаллади ва олтин медални қўлга киритди.
Пекин Гран-присида ўзбекистонлик паралимпиячилар диск отиш, ядро улоқтириш ва 100 метрга югуриш баҳсларида ҳам иштирок этади.
Изоҳ (0)