Японияда пенсияга чиқаётган фермерларни секин-аста роботлар ва қишлоқ хўжалиги автоном техникаси билан алмаштириш дастури бошланди. Бу ҳақда, Bloomberg агентлигига асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Мамлакат қишлоқ хўжалиги вазири Хироши Дайдо G7 бўйича ҳамкасблари билан учрашув чоғида ушбу қарор Японияда фермерларнинг ўртача ёши 67 ни ташкил этаётгани билан боғлиқ эканлигини тушунтирди. Боз устига, фермерларнинг кўпчилиги ўзидан ворислар қолдирмаяпти.
Бир йил давомида фермаларда роботлар ишини жорий қилиш ва 20 турдаги роботларни ишлаб чиқишга 4 миллиард иена (37 миллион доллар) сарфланади. Робот турларидан бири эзилиб кетган шафтолини меъёрида пишганидан ажратиш вазифасини бажаради.
Вазирнинг сўзларига кўра, бугун мамлакатда фойдаланилмаётган қишлоқ хўжалиги далаларининг умумий майдони 420 минг гектарни ташкил этмоқда. Қишлоқ хўжалиги соҳасида банд зироаткорларнинг 65 фоизини 65 дан ошганлар ташкил қилади. Қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишни истайдиган ёшларнинг камлиги туфайли ҳукумат Япониянинг бу борада импортга боғлиқлиги ошиб кетишидан чўчимоқда. Ҳозирликда бу кўрсаткич 60 фоизга тенгдир.
Қишлоқ хўжалиги техникасининг энг йирик ишлаб чиқарувчиси Kubota Corp. аллақачон гуруч майдонларида қўлласа бўладиган дастлабки автоном трактор прототипини ишлаб чиқди.
Изоҳ (0)