Америкалик фотосуратчи Филипп Гроссманнинг «Чернобиль: фожиа, сабоқ, умид» деб номланган кўргазмаси 20 апрель куни атом соҳаси тарихидаги энг йирик ҳалокатнинг 30 йиллиги арафасида БМТнинг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида очилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
БМТнинг анжуманлар биноси биринчи қаватида намойиш этилаётган 30 та суратда Припять шаҳридаги «Энергетик» маданият саройи, 1-сонли мактаб ва «Олтин калит» болалар боғчасининг ҳувиллаб қолган бинолари, машҳур чархпалак ва атом мажмуасининг дарахтлар ўсиб кетган ҳудуди акс этган.
Фотосуратчи атом электр станциясининг иккинчи энергоблокини ичкаридан суратга олишга, шунингдек, таловчилар ҳужумига учрамаган Рудня Ильинецкая қишлоғига боришга муваффақ бўлган жуда кам кишилардан бири бўлди.
Гроссманнинг сўзларига кўра, у Чернобиль атрофларида жами 65 кундан зиёд вақтни ўтказган, сўнгги марта эса у ерга 2015 йил декабрида борган. Шу вақт ичида у 20 мингдан зиёд фотосурат олиб, 60 соатлик видеоматериал тўплаган.
Изоҳ (0)