«Барселона» клуби ўзининг расмий сайтида Неймарнинг фақатгина Рио–2016 Олимпиада ўйинларида иштирок этиши ва Америка Кубоги–2016 баҳсларида қатнашмаслиги борасида Бразилия футбол конфедерацияси билан келишувга эришганини эълон қилди, деб хабар беради «Чемпионат».
«Барселона» ўзининг баёнотида Бразилия футбол конфедерацияси ва ташкилот президенти Марко Поло Дел Нерога миннатдорчилик билдирди.
Аввалроқ 24 ёшли футболчи ҳар икки мусобақада қатнашиш истагини билдирган эди. Бразилия футбол конфедерацияси ҳам шуни истаган эди, аммо каталонияликлар раҳбарияти бунга қарши чиқди.
ФИФА регламентига мувофиқ, «Барселона» Неймарни Америка Кубоги–2016 турнирида иштирок этиши учун қаршилик кўрсатмаслиги керак, бироқ унинг Олимпиада ўйинларида қатнашишини тақиқлаши мумкин.
Маълумот учун, Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг футбол турнири 3–20 август кунлари, Америка Кубоги–2016 турнири 3–26 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)