«Championat.asia» нашри Олий Лигада дебют мавсумини ўтказаётган Тошкентнинг «Обод» жамоаси етакчи футболчиларидан бири, «ўзбек Неймари» номини олган Шоҳруз Норхонов билан суҳбат уюштирди.
23 ёшли ҳужумчи Ўзбекистон Кубоги доирасида «Оқ-тепа»га қарши (5:0) ўйинда тўртта гол уриб, покер қайд этган бўлса, «Бунёдкор» (2:2) ва «Қизилқум» (2:2) билан учрашувларда биттадан гол уришга муваффақ бўлганди.
- Кўпчилик сизни «ўзбек Неймари» деб атамоқда. Бунга қандай қарайсиз?
- Ўзим Неймарнинг ўйинларини кузатиб борардим. Ўйинига ҳавас қиламан, шу боис шундай деб чақиришса, хафа бўлмайман, аксинча, хурсанд бўламан. Лекин унинг даражасига чиқишимга анча бор.
- Ўзбекистонда кимларга ҳавас қиласиз?
- Юртимизда кучли ва тажрибали футболчилар жуда кўп. Одил Аҳмедов ва Сардор Рашидовнинг ўйинларига ҳавас қиламан.
- Бўш вақтингизда нима қиласиз?
- Ҳозир бор эътиборим футболга қаратилган. Эрталаб ўзим якка тартибда машғулот ўтказаман. Жисмоний тайёргарликка урғу бераман. Дам оламан ва кечки пайт клуб билан бирга шуғулланаман. Бўш вақтим ҳозир жуда кам.
- Футболчилар орасида дўстларингиз борми?
- «Олмалиқ»да ўйнаётган Мурод Ражабов, «Оқ-тепа» вакили Маъруф Аҳмаджонов билан дўстмиз. Бошқа клубларда ҳам дўстларим бор.
- Энг катта орзуингиз?
- Дунёнинг энг кучли клуб сафида ўйнаш.
- «Барселона»ми?
- Шундай деса ҳам бўлади (кулади). Лекин бунинг учун жуда кўп ишлашим кераклигини биламан.
- Олий Лигада ўйнаяпсиз, голлар уряпсиз, интервьюлар бераяпсиз. Юлдузлик касалига чалиниб қолмайсизми?
- Йўқ, йўқ. Бундай бўлмайди. Эришган натижадан ҳаволаниб кетмайман ва меҳнат қилишда давом этаман.
Маълумот ўрнида, Шоҳруз Норхонов Тошкент шаҳри, Учтепа туманида туғилган. Футбол сир-асрорларини 2-БЎСМда ўрганишни бошлаган. 17 ёшида 2-БЎСМда ўқишни тугатиб, иккинчи лигада «Ўрикзор», «Тошкент», кейин эса биринчи лигада «Оқ-тепа», «Истиқлол» клубларида фаолият олиб борган.
Изоҳ (0)