Тошкентдаги Инҳа университети (IUT) ва Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ўртасида 8 апрель куни таълим ва илмий ҳамкорлик соҳасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди. Бу ҳақда «Infocom.uz» хабар берди.
IUT ректори Шерзод Шерматов ҳамда ТАТУ ректори Ўткир Ҳамдамов давлат органлари, хусусий IT компаниялари ва ОАВ вакиллари иштирокида меморандумни имзолади.
Англашув доирасида икки билим даргоҳи талабалар алмашиш, шу жумладан, ёзги мактаблар дастурларидаги иштирок юзасидан ҳамкорликни йўлга қўяди.
Шунингдек, томонлар ўқитувчилар, илмий ходимлар ва маъмурият вакиллари ўртасидаги тажриба алмашишни кенгайтиради.
Бундан ташқари, ҳамкорликда турли тадбирлар, жумладан, маърузалар, маҳорат мактаблари, конференциялар, семинарлар, тўгараклар, танловлар, олимпиадалар, кўргазмалар ташкил этилади.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири илмий тадқиқотларга дахлдордир. Инҳа университети қошидаги инновациялар ва саноат кооперацияси маркази ҳамда ТАТУ қошидаги таълимда, илм-фанда ва ишлаб чиқаришда инновацион ҳамкорликни ривожлантириш маркази биргаликда тадқиқотлар натижалари ва инновацияларни тақдим этиб боради.
Изоҳ (0)