Испаниянинг «Барселона» жамоаси раҳбарияти Бразилия футбол конфедерацияси раҳбарларини бразилиялик ҳужумчи Неймар Америка Кубоги–2016 турнирида иштирок этмаслиги ҳақида хабардор қилмоқчи, деб хабар беради «Sportbox.ru».
Каталонияликлар 24 ёшли ҳужумчига терма жамоа сафида фақатгина Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг футбол мусобақасида иштирок этишга рухсат бергани ҳақидаги хабарномани жўнатади. «Барселона» раҳбариятининг бундай қарорга келишининг сабаби Неймарнинг Европада оғир кечган мавсумдан сўнг июнь ойида дам олиши кераклиги билан изоҳланмоқда.
Бразилия миллий ва олимпия терма жамоаси бош мураббийи Карлос Дунга «Барселона» ҳужумчиси Неймарнинг ҳам Америка Кубоги, ҳам Олимпиада ўйинларида иштирок этишини хоҳлаётганди.
Футболчининг ўзи Америка Кубоги–2016 турнирида Бразилия термасига чорак финал баҳсларидан бошлаб ёрдам бериш таклифи билан чиқди, аммо «кўк-анорранглилар» бунга кўнмади.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йилги Америка Кубоги турнири 3–26 июнь кунлари АҚШда, Рио—2016 Олимпиада ўйинлари эса 5–21 август кунлари Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)